Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги (Россия) Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқароси Д. Ю.га бир гуруҳ ёшларнинг ҳужум қилганини тасдиқлади, дея хабар қилди мамлакат ТИВ матбуот хизмати. Жабрланувчи ҳозирда шифохонада.

РФ Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бошқармаси маълумотларига кўра, ҳодиса 11 ноябрь куни кечаси Красногвардейское туманида «Пост Ковалево» темир йўл станцияси яқинида содир бўлган. Ўсмирлар экстремистик мақсадларда 38 ёшли Д. Ю.га ҳужум қилиб, унинг юзига баллончадаги моддадан сепиб, сўнгра шафқатсизлик билан калтаклашган.

Гумондорлар эркакка энг камида бешта пичоқ билан жароҳат етказган, оёқлари билан боши ва танасига кўп сонли зарбалар берган. Ҳужум қилганлар, шунингдек, жабрланувчининг мобил телефони ва 8000 рублга яқин пулини ҳам ўғирлашган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари гумондорларни қўлга олди — улар Ленинград вилоятида истиқомат қилувчи уч нафар ўсми (2000, 2001 ва 2003 й. т.) бўлиб чиқди. Уларга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 162-моддаси 4-қисми (жабрланувчининг саломатлигига оғир зарар етказишга олиб келган босқинчилик) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бош консулхона вазиятни назоратга олди, дея қайд этди ТИВ.