Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев якшанба куни шаҳар маъмурияти раҳбарининг Kun.uz журналистларига таҳдид қилгани акс этган аудиоёзув пайдо бўлганидан кейин вужудга келган вазиятни муҳокама қилиш учун сайт таҳририяти ходимлари билан учрашди.

Нашрнинг хабар қилишича, мулоқот давомида шаҳар ҳокимлиги ва сайт таҳририятига тааллуқли, юзага келган муаммоли масалалар муҳокама қилинди.

«Шуни расман маълум қилмоқчимизки, мазкур мулоқот якунига кўра сайт жамоаси ва пойтахт ҳокимлиги раҳбарияти ўртасидаги барча тушунмовчиликлар барҳам топди. Томонлар бир-бирини тушуниб, ўзаро муросага келди. Сайт таҳририяти ҳокимнинг ушбу вазият юзасидан билдирган мулоҳазаларини қониқарли деб топади», — дея қайд этди Kun.uz.

Нашр, шунингдек, ҳамкасб-журналистлар ва блогерларга қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдирди.

Айни вақтда Kun.uz бу масалани ортиқ муҳокама қилмаслигини сўради: «Зеро фақат икки тарафгагина тегишли бу низо турли сиёсий кучлар ва шахслар томонидан тор манфаатлар йулида қурол сифатида фойдаланилишини хоҳламаймиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни тарқалган аудиоёзувда Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларни ҳақорат қилган ва уларга жисмоний зарар етказиш билан таҳдид қилган. Партиялар, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, блоггерлар ва журналистлар вазиятга муносабат билдирди. Ўзбекистон Бош прокуратураси аудиоёзувни ўрганаётганини маълум қилди.

Якшанба куни Kun.uz ҳокимнинг таҳдидлари нашр журналистларига қаратилгани, бу гаплар сайт журналистлари билан Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ўртасидаги можародан эртаси куни (15 август) айтилганини хабар қилди. Шунингдек, сайт аудиоёзувнинг тўлиқ талқини таҳририятда мавжуд экани ва уни Бош прокуратурани ўрганиш учун тақдим этишга тайёрлигини билдирди.