Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози билан аудиоёзувда журналистларга таҳдид қилиниши юзасидан баёнот берди.

«Бош прокуратура томонидан Интернет нашрларида ва ижтимоий тармоқларда 2019 йил 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда», — дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Баёнотда қайд этилишича, ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади.

Шунингдек, Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам пойтахт ҳокими овози билан тарқалган аудиоёзув юзасидан дастлабки баёнотини эълон қилди.

«Ҳозирда ушбу масалага ойдинлик киритиш ва ҳар томонлама ўрганиш мақсадида мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган», — дейилади баёнотида. Тошкент маъмурияти ҳам ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувда овози ва сўзлаш услуби Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевникига ўхшаш шахс журналистларга нисбатан ҳақоратли сўзларни қўллаб, русча-ўзбекча аралаштирган ҳолда, жумладан, шундай дейди: «Бир ҳафта олдин мани заводимда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни …дан олиб …га солади. Монопол, „Артел“ дабдала, деб! Бир ҳафтадан кейин ўн минг доллар берсанг, ўша маҳсулотни мақтаб чиқади-да, реклама асосида дейди! Они кто вообще? Они твари последние! Онанинг боласими булар ё итнинг боласими?! Принцип йўқ, ифлос, бедолага!Петухлар келяпти мана бу ёқдан, ҳаммаёқдан келиб, ўзича ҳаммани иснодга қўяди».

Сўнгра журналистлардан бутун маҳалла воз кечтириш, ота-онасини бош кўтара олмайдиган ҳолга тушириш, журналистни гей сифатида айблаш унинг учун осон экани, буни «шес секундда» бажаришини айтади.

«Икки-уч кун биттанг бесабаб уйдан чиқиб кетларинг, йўқолиб қолларинг… Уч кун! Бесабаб биттанг уйдан чиқиб кетларинг! Вы хотите этого? Уч кун йўқ бўлиб қолса, ҳамма жим-жит! Ў-ў-ў, сан тирикмисан, ҳеч ким хабар олмайди, айтиб қўяй, сани! У ер — бу ерда ёзишади, бир ҳафтадан кейин унутишади. Бўлди! Қаердадир чўкиб ўляпти-да чўмилаётганда дейишади. И всё. Ҳаёт шунақа!» — дейди у.

Бундай бўлмаслиги учун эса журналистларни ўзи билан ишлашга чақириб, бирор муаммо чиқса ёрдам беришини айтади.