Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Қирғизистонга мева-сабзавот маҳсулотларини олиб кирилишига қўшни давлатнинг Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги томонидан тақиқ қўйилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

14 ноябрь куни тарқалган хабарларда Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб кирилаётган анор маҳсулотида Шарқ мевахўри — Grapholita Molesta ҳашароти аниқланганлиги таъкидланган. Айрим манбаларда мазкур ҳашарот «вирус» сифатида нотўғриномланган.«Дўстлик» чегара назорат пунктида 12 ноябрь куни Ўзбекистондан 35 тонна нок, беҳи, нўхат ва зиравор маҳсулотлар фитосанитар сертификатсиз ва махсус этикеткаларсиз юкланганлиги боис тўхтатиб қолинганлиги маълум қилинган.

«Ўздавкарантин» инспекцияси ахборот хизмати хабарига кўра, «Дўстлик» пунктидан ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши давом эттириляпти ва ҳеч қандай юкнинг орқага қайтарилиш ҳолатлари қайд этилмаган.

«Шу кунга қадар ҳеч бир ҳолат юзасидан Қирғизистон карантин хизмати томонидан асослантирилган расмий нотификациялар (билдиришномалар) келиб тушмаган», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, 15 ноябрь куни «Ўздавкарантин»га Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлигидан Ўзбекистондан экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 356 та ҳолатда фитосанитар сертификатларсиз олиб киришга уриниш содир этилганлиги, бундай хатти-ҳаракатларнинг 10 фоизида маҳсулотларда зарарли организмлар аниқланганлиги ҳақида хат келиб тушган. Хатда, шунингдек, бу каби ҳолатларга қарши биргаликда курашилишига ва икки давлат карантин хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик янада кучайтирилишига умид билдирилган.

«Ўздавкарантин» мазкур масала юзасидан жавоб хати йўллаган бўлиб, унда инспекция юқоридаги каби ҳолатларга қарши ҳамкорликда курашишга тайёр эканлиги қайд этилган ҳамда қирғиз томонидан кўрсатилган ҳолатлар юзасидан асосланган далиллар ва маълумотлар тезкорликда юборилиши сўралган.