Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда «Миллий тикланиш» партияси, шунингдек, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози билан журналистларнинг ҳақоратлагани ва уларга таҳдид қилингани юзасидан баёнот берди. Қуйида баёнотларни тўлиқ ҳолда эълон қиламиз.

АОКА матбуот хизмати баёноти

Охирги соатларда кўплаб юртдошларимиз, журналист ва блогерларимиз интернетда тарқалган, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган аудиоёзув юзасидан изоҳ беришимизни сўраб мурожаат қилишмоқда.

Шуни маълум қиламанки, биз вазиятдан хабардормиз ва бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда. Тўпланган барча маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади ва уларнинг хулосалари асосида муаяйн тўхтамга келинади.

Ишонамизки, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган мазкур давлат органлари томонидан ушбу масалага муносиб ҳуқуқий баҳо берилади.

Журналист ва блогерларимиздан вазиятга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар ҳиссиётларга берилмаслик, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликни сўраймиз.

Таъкидлашни истар эдимки, ким томонидан эканидан қатъи назар, тўртинчи ҳокимият — журналистлар ҳақида айтилган бундай фикрлар ўта ёқимсиз ҳолат ва бунга жим қараб туриш мумкин эмас. Бу — давлат сиёсати ва жамиятда ўрнатилган қоидаларга мутлақо зиддир.

Биз ўз позициямизда қатъиймиз — юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимоясида. Уларнинг ҳуқуқлари бузилгани ўз тасдиғини топган тақдирда, албатта тегишли чоралар кўрилади.

Ўзбекистон ХДП баёнотиЖорий йил 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар ва интернет ОАВда Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган, журналист ва блогерлар шаънига ўта кескин фикрлар билдирилган, шарманда қилиш, ҳатто жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид қилинган аудиоёзув кенг тарқалди. Бу ҳолат мамлакатимиздаги барча ОАВ вакиллари, блогерлар ва кенг жамоатчиликнинг қаттиқ муносабати ва танқидига сабаб бўлди.

Давлатимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зудлик билан ушбу аудиоёзув бўйича суриштирув ишларини олиб бориши, воқеа қачон, қаерда, кимлар билан содир бўлганини аниқланиши ҳамда қонунда белгиланган тартибда бошқа чораларни кўриши зарур.

Аудиоёзувдаги ҳолат ҳақиқатда рўй берган бўлса, демократик ислоҳотларнинг энг муҳим шарти — сўз ва фикр эркинлигига, журналистларга очиқдан-очиқ таҳдид қилиш, «менга ҳамма нарса мумкин», деб ўйлаш, аввало, халқ ва давлатни менсимаслик, деб баҳоланиши керак.

Халқ демократик партияси касби, фаолият тури, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг устувор ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланиши ва амалда таъминланиши зарур, деб ҳисоблайди. Мутасадди идоралардан тез орада аниқ ва расмий маълумотларни кутади.

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодировнинг баёнотиТошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқҳўжаев овози билан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган аудиоёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмагунича, ушбу масалада фикр билдиришни тўғри деб ҳисобламаймиз.

Мавзу бўйича биринчи бўлиб изоҳ ёки баёнот бериш Ж.Ортиқҳўжаев ва хабар муаллифига тегишлидир.

Шу ўринда жамият ахборот истеъмол маданиятининг пирамида шаклидаги учта даражаси ҳақида айтиб ўтмоқчиман:

  • Биринчи, энг қуйи ва энг кўп қатлам — ахборотни эшитади ва шундайлигича истеъмол қилади;
  • Иккинчи, ўрта-ўзгарувчан, камайишга мойил қатлам — ахборотни эшитади, ўзини даражасида таҳлил қилади, муносабат билдирмайди;
  • Учинчи, энг кам, жамиятни сиёсий тафаккурини кўрсатадиган қатлам — ахборотни эшитади, текшириб-таҳлил қилади ва муносабат билдиради.

Жамиятнинг мафкуравий ва сиёсий иммунитет даражаси учинчи қатламнинг даражасига тенгдир.

Аввалроқ «Адолат» партияси Тошкент ҳокими сўзлари юзасидан баёнот берган эди.