Адлия вазирлиги Инвестициявий низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказнинг (ICSID) Арбитраж трибуналининг турк инвесторлар гуруҳининг Ўзбекистонга қарши даъвоси бўйича қарорига изоҳ берди.

Трибунал 4 октябрь куни Güneş Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Limited Şirketi ва бошқа ишбилармонлар даъвоси бўйича қарор чиқарди. Ўшанда Global Arbitration Review нашри арбитраж Ўзбекистонга савдо марказига сармоя киритган туркиялик инвесторларга экспроприация учун 40 миллион доллар тўлашни буюргани ҳақида хабар қилган эди (гап 2011 йилда ёпилган Turkuaz савдо маркази ҳақида). Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан етказилган жисмоний зўравонлик билан боғлиқ бўлган маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво эса рад этилди.

Турк инвесторларининг савдо тармоғини экспроприация қилиш бўйича 90 фоиз даъво талаблари рад этилди, дея маълум қилди Адлия вазирлиги. Трибунал даъвонинг кўплаб бандлари бўйича ҳукуматнинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлади ва даъвогарларнинг минимал миқдордаги талабларидан ташқари қолган асосий аввалбошдан ошириб кўрсатилган даъволарини рад этди.

«Амалда Трибунал ўзининг ваколатлари чекланганлигини тан олиб, дастлаб даъво киритган 6 нафар даъвогардан мамлакатимизда „инвестор“ тушунчасига мос келмайдиган уч нафарининг даъволарини рад этди», — дейилади хабарда.

Даъвогарларнинг уларга 180 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маънавий зарар етказилганлиги ҳақидаги даъволарини, шунингдек, етказилган моддий зарар миқдорига оид даъвогарлар томонидан тақдим қилинган 66 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги ошириб кўрсатилган баҳоларни рад этди.

Шунингдек, Трибунал даъвогарларнинг уларга гўёки шафқатсиз муносабатда бўлинганлигига оид барча даъволарини кўриб чиқишни рад этди. «Шу боис Воҳит Гунешнинг шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ барча баёнотлари бир томонлама фикрлигича қолмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Бундан ташқари, трибунал Ўзбекистоннинг «Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ Ўзбекистонга қарши ICSIDга даъво киритиш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмаслигини тан олди.

Шу билан бирга Трибунал даъвогарларнинг Ўзбекистон томонидан икки томонлама инвестицион шартноманинг бузилганлиги эҳтимоли ҳақидаги бошқа даъволари ҳақида бирор бир хулоса беришдан тийилди.

Ўзбекистон ҳукумати хорижий инвестицияларнинг кириб келишини қўллаб-қувватлайди ҳамда инвестициялар ва инвесторларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашни кафолатлайди, дея таъкидлади Адлия вазирлиги.