«Адолат» Социал-демократик партияси, ЎзЛиДеП ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани» компаниясини раҳбар ходимларни ўзбек ишчиларини ҳақоратлагани билан боғлиқ вазиятни ўрганишга чақирди.

Аввалроқ «Озодлик» радиоси бир неча ҳафта муқаддам Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги «Жарқудуқ» газ тайёрлаш мажмуасида содир бўлган ҳодиса ҳақида хабар берган эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода «Озодлик» манбалари «Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани» компанияси бош энергетиги Иван Шилов эканини маълум қилган шахснинг инструкцияга риоя қилмаган ишчиларни ҳақоратлагани тасвирланган эди. У ишчиларга қарата «қўйлар тўдаси», «Уйингга, қишлоғингга кет, х…, б…» каби сўзларни айтган.

Ҳодиса жамоатчиликнинг кескин норозилигини келтириб чиқарди. «Адолат» партиясининг фикрича, ушбу амалдорнинг сўзлари Ўзбекистон Конституциясининг 13-моддасида кўзда тутилган: «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади» деган меъёрга зид.

«Видеотасвирдан яққол кўриш мумкинки, раҳбар қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурматсизлик билдирган», — дейилади баёнотда.

Партия шу сабабли Жамият раҳбарияти ҳамда тегишли давлат органларидан бу масалага ойдинлик киритиб, қонун устуворлигини таъминлашга чақирди.

«Адолат» партияси видеотасвирда гавдаланган ҳолат юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб бориш, хизмат ваколати доирасидан четга чиққан мансабдор шахснинг жиноий ёки маъмурий жавобгарлик масаласини муҳокама қилиш, натижаси ҳақида оммага хабар бериш зарурлигини қайд этади ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи масъул давлат органларининг муносабатини сўради.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мазкур масала юзасидан муносабат билдирар экан, қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, айниқса «Лукойл» каби йирик компания вакили томонидан бундай хатти-ҳаракатларнинг амалга оширилиши жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган ҳолат, деб баҳолади.

Боз устига Ўзбекистонда тарихан миллатлараро тотувлик, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатлари жуда яхши ривожланган. Бағрикенглик ўзбек халқининг юксак фазилати ҳисобланади, дейилади ҳаракат баёнотида.

Шу муносабат билан, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати компания раҳбариятидан келгусида бундай ҳолатларга такрор йўл қўймаслик ҳақида, шунингдек, мазкур салбий ҳолат иштирокчисига нисбатан кўрилган чора юзасидан яқин вақт давомида жамоатчиликка ахборот бериш лозим деб ҳисоблайди. Зеро, шахс қадр-қиммати, унинг шаъни дахлсизлиги Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда халқаро нормаларга мувофиқ олий қадрият ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур ҳолатга ЎзЛиДеП ва ХДП партиялари ҳам ўз муносабатини билдирди.