Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашуви 29 ноябрь куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилмоқда, дея хабар қилди «Казинформ» агентлиги Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга таяниб.

«Мен аввалроқ қўшниларимизни маслаҳат учрашувига чақирган эдим. Бундай учрашув Остонада (ҳозирги Нур-Султон — таҳр.) бўлиб ўтганди… Умид қиламанки, бу йил, учрашув, белгиланганидек 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади», — деди Нурсултон Назарбоев Нур-Султонда ўтказилган Astana Club йиғилишида.

Қозоғистоннинг биринчи президенти сўзларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон, шунингдек, Ўзбекистон ўртасида ҳал қилинмаган масалалар бор.

«Кичик ҳудудлар — уларни ҳам ҳамжиҳатликда, тинчликда ҳал қилиш лозим. Йўқ, барибир тўқнашувлар бўлаяпти, одамлар ўлаяпти», — деди у.