Президент қарори асосида Нукус шаҳри марказида барпо қилинадиган «Nukus city» шаҳарчасининг янги варианти ишлаб чиқилган. Шаҳар ичидаги янги шаҳарнинг қурилиш ишлари келгуси йилда бошланади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Нукус шаҳри архитектура ва қурилиш бўлими архитектори Азамат Оразимбетов тақдим этган маълумотга кўра, президент қарори ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан 2019 йил 26 февралда «Nukus city» замонавий ишбилармонлик марказини ташкил қилиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинган.

Янги шаҳарча шаҳар марказидан оқиб ўтувчи «Дўстлик» каналининг чап қирғоғидаги майдонга, яъни «Турон» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудда барпо этилади. Қурилиш объектлари учун биринчи босқичда 43 гектар ер майдони танланган бўлса, иккинчи босқичда бу 53 гектарга етказилди. «Nukus city»нинг умумий майдони 70 гектардан ортиқ бўлади.

Қурилиш учун белгиланган ҳудудда 400 дан ортиқ хусусий уйлар босқичма-босқич бузилиши белгиланган. Ижтимоий аҳамиятга эга баъзи йирик объектлар — масжид, спорт коллежи, сув бассейни, футбол стадиони ва янги қурилган 4−5 қаватлик уйлар бузилмайди.

«Nukus city»да дастлаб 16 қаватлик уйлар қурилиши режалаштирилган. Ундан ташқари 20 қаватли меҳмонхона, бизнес марказлари, кўнгилочар масканлар, банклар, савдо дўконлари қурилиши ҳам назарда тутилган.

Хусусий уйларни бузиб, кўчириш ишлари 3 босқичда олиб борилади. Биринчи босқичда 140 та уйнинг бузилиши ва унинг эгаларини бошқа жойга кўчириш ишлари режа қилинган.