Қорақалпоғистонинг Хўжайли туманида муқаддам 5 маротаба фирибгарлик жиноятлари учун судланган Тамара Мадреймова исмли аёл яна бир бор жиноятга қўл урди.

Хўжайли туман ҳокимияти матбуот хизматининг хабар қилишича, Тамара Мадреймова 2018 йилнинг декабридан 2019 йил августига қадар фуқаро Жума Сейдуллаевага ўзини Хўжайли туман ҳокимининг опасиман деб таништириб, барча муаммоларини ҳал қилиш, ер олиб бериш ва Нукус шаҳар марказий бозорида бузилган 9 та дўконининг пулларини ундириб беришни ваъда қилиб, алдов йўли билан унинг 645 млн сўм нақд пулларини қўлга киритган ва қайтариб бермаган.

Хавфли рецидивист бўлган бу аёл мобил телефон орқали овозини ўзгартириб гаплашган ва ўзини ҳокимнинг онаси ёки опаси сифатида таништирган.

Ҳозирги вақтда Хўжайли туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисм «а» банди (фирибгалик йўли билан жуда катта миқдорда зарар етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, Тамара Мадреймова тегишли тартибда қамоққа олинган.

Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.