Июнда фаолияти тўхтатилган Тошкент ҳокимияти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши яна иш бошлади. Бу ҳақда кенгашнинг Telegram-каналида хабар қилинди.

Кенгашга Siymo реклама агентлиги асосчиси ва «Миллий маркетинг маркази» уюшмаси раиси Диёр Мирзааҳмедов раҳбар бўлди.

«Янгиланган кенгашнинг иши шаҳар учун фойдали бўлган аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳокимият фаолиятининг турли йўналишларида экспертлик кўмагини беришга йўналтирилади», — дейилади хабарда.

8 ноябрь куни бўлиб ўтган биринчи йиғилишда техник жараён масалалари муҳокама қилинди — комиссиялар таркиби, жамоат кенгашига аъзо бўлиш/аъзоликдан чиқиш регламенти ва бошқа жорий масалалар кўриб чиқилди.

Тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов ўтган йилнинг май ойида ташкил этилган жамоат кенгашига раҳбар бўлган эди. Июлда у раис сифатида фаолиятини якунлаётгани ҳақида маълум қилган, бироқ кенгаш таркибида қолишни режалаштираётгани билдирган эди.