Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Қирғизистон жамоасини мағлубиятга учратди. Шанба куни пойтахтдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган учрашув 3:1 ҳисобида якунланди.

Ҳисоб 11-дақиқада миллий терма жамоа ҳужумчиси Игорь Сергеев томонидан очилди. Меҳмонлар ярим ҳимоячиси Фархат Мусабеков ҳисобни тенглаштирди, бироқ иккинчи таймда ўзбекистонликлар яна икки марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Ярим ҳимоячилар Достонбек Ҳамдамов (53') ва Жамшид Искандаров (80') голлари Ўзбекистонга ғалаба келтирди.

Учрашув олдидан бош мураббий Вадим Абрамов Футбол ассоциациясидан Қирғизистон билан ўйин телевидение орқали эфирга узатилмаслигини сўраган эди. Бунга 2022 йилги жаҳон чемпионатига Осиё саралаш босқичи доирасида Саудия Арабистонига қарши 14 ноябрда бўлиб ўтадиган ўйин олдидан мураббийлик усулларини кўрсатмаслик истаги сабаб қилиб келтирилган эди.

Жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларидан сўнг 57 ёшли мутахассис қарорини ўйлаб кўрди. Якунда ўйин Sport телеканали орқали эфирга узатиладиган бўлди.

Саудия Арабистонига қарши ўйин 14 ноябрь куни"Пахтакор" стадионида бўлиб ўтади.