Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва Хитойнинг Beijing Hong Tianli Pharmaceutical компанияси ўртасида соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтикани ривожлантириш кўзда тутилган меморандум имзоланди. Ҳужжат 5 ноябр куни Тошкентда палата раиси Равшан Изамов ва хорижий компания президенти У Цинзе томонидан имзоланди, дея хабар беради «Газета.uz»га палата матбуот хизмати.

Мазкур компания анъанавий хитой тиббиёт рецептлари асосида доривор ўсимликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳужжатга кўра, компания Хитойдан дори-дармонларни Ўзбекистонга етказиб беради, «бозор ўрганилганидан сўнг республикада доривор маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилмоқда», — дейилади матбуот хизмати маълумотида.

Меморандумда қайд этилишича, компания шунингдек, реабилитация шифохонаси ва анъанавий тиббиётга асосланган санаторий-курорт шаҳарчасини ҳам очиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Шу билан биргаликда, томонлар биринчи босқичда диабет, гипертония, юрак-қон томир касалликлари ва жигарнинг турли хил хасталикларини даволашга қаратилган, доривор ўсимликлардан тайёрланган беш турдаги дори воситаларини тарғиб қилишга келишиб олдилар.

«Бозор таҳлили ижобий прогноз берса, Хитой томони 2020−2024 йилларда аста-секин республикага 100 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқда», — дейилади хабарда.