Ўтган жума куни Куритиба федерал суди коррупция ва пул ювишда айбланиб, қамоқ жазосини ўтаётган Бразилиянинг собиқ президенти Луис Игнасио Лула да Силвани ҳибсдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар беради РИА Новости.

Суд «жиноят учун жазо ва озодликдан маҳрум қилиш жазосини давом эттириш учун асос йўқлиги сабабли» ҳукмни бекор қилиш кераклигини маълум қилди.

Да Силва адвокатларининг маълум қилишича, Олий суднинг қарори «собиқ президентнинг адолатсиз равишда 579 кун қамоқда сақланганлигини тасдиқлайди». Унинг ҳимоячилари собиқ президентнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилмаганига ва сиёсий таъқиб учун фойдаланилиши мумкин бўлган қонун қурбони бўлганига ишонишларини билдирдилар.

2017 йил июл ойида Бразилия суди Луис Инаcио Лула да Силвани коррупцияда айблаган ҳолда 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. У жумладан OAS қурилиш компаниясидан тахминан 1,1 миллион доллар пора олганликда айбланган. Мазкур маблағлар Сан-Паулу штатидаги Гуаружа шаҳрида ҳашаматли уч қаватли квартира сотиб олишга сарфлангани маълум қилинган.

Собиқ президент шунингдек Petrobras нефт компаниясининг коррупцион тузилмасига алоқадорликда гумон қилинган эди. Компания 2014 йилда коррупция можаросининг марказида бўлганди. Ўшанда маълум бўлишича, бир нечта амалдорлар шартномаларга имзо чеккан ва келишувнинг 3 фоизи миқдорида комиссия олган. Бу маблағлар кейинчалик сиёсатчилар ва амалдорларга пора бериш учун ишлатилган. Бразилия расмийларига кўра, тузилма эгалари нархни ошириб юбориш ва пора эвазига 3,8 миллиард долларга эга бўлган.