Икки ҳафта давомида қаерда экани номаълумлигича қолган Абдуллоҳ Тоҳиров жума куни кечқурун бу вақт ичида илк бор алоқага чиқди. Бу ҳақда унинг отаси Дилмурод Тоҳиров «Газета.uz»га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Абдуллоҳ тахминан 22:00 да унга қўнғироқ қилиб, қўйиб юборишганини маълум қилди. Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли Абдуллоҳ 26 октябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармасига чақирилганидан сўнг бедарак йўқолган эди.

«Мен уни кўрмадим, у қўнғироқ қилди ва уни Тошкентдан қўйиб юборишаётгани, уйга, Андижонга қайтаётганини айтди. У яхши кайфиятда эди, босим ўтказилганга ўхшамади. У ким қўйиб юборганини айтмади. Айтишни хоҳламади», — деди Дилмурод Тоҳиров.

Унинг қўшимча қилишича, ўғли Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасига эмас, балки айнан уйга қайтаётганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни Абдуллоҳ Тоҳировнинг айби билан ЙТҲ содир бўлади. У Lacetti автомобилини бошқариб келар экан, тахминларга кўра вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашевга тегишли Naxia-2 машинаси билан тўқнашув содир этади. Отаси эҳтиёт қисмларини сотиб олиб, зарарни қоплайди. Бироқ кейинроқ Абдуллоҳ туман ИИБ ходими кузатувида вилоят ИИБга олиб борилади ва шундан кейин ҳеч ким уни кўрмайди.

Блогерлар, ОАВлар ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, шунингдек, «Ёшлар иттифоқи» ва «Адолат» партияси Абдуллоҳ Тоҳировни қўллаб-қувватлаб чиқди.

ИИВ ҳодиса ҳақида изоҳ бермади ва бу иш бошқа идора томонидан кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Бош прокуратурадан эса маълумотга эга эмасмиз, деган жавоб берилди. Абдуллоҳ Тоҳировнинг бу вақт давомида қаерда бўлгани ва нима сабабдан ушлаб турилгани юзасидан расмий баёнот берилмади.