7 ноябрга ўтар кечаси Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY Пекин-Тошкент рейси Ганьсу провинциясининг Ланьчжоу аэропортига фавқулодда қўндирилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қўнишга йўловчилар — Ўзбекистон фуқаролари А. С., М. М., Д. А. ҳамда унинг турмуш ўртоғи ва ўғли — Россия фуқаролари саломатлиги ёмонлашгани сабаб бўлди. Самолёт ерга қўнгач, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг шаҳар клиник шифохонасига ётқизилди.

7 ноябрь куни эрта тонгда самолёт Тошкентга учиб кетди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси тиббиёт муассасаси билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни назорат остида ушлаб турибди.

Йўловчилардан бири парвоз тафсилотларни Facebook орқали бўлишди. Унинг сўзларига кўра, 40−45 ёшли эркакларда парвоз вақтида қон босими ошиб кетган, беш ёшли болада эса тутқаноқ кузатилган. Йўловчи Uzbekitas Airways ходимларига профессионаллиги учун миннатдорчилик билдирди.