«Адолат» социал-демократик партияси ўз сайтида Андижон вилояти Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли Абдуллоҳ Тоҳировнинг вилоят Ички ишлар бошқармасига чақирилганидан сўнг бедарак йўқолганига муносабат билдирди. «#АбдуллоҳҚаерда? Қонунни оёқ ости қилманг!» мақоласи муаллифи сифатида «Адолат» партияси эксперти Бахтиёр Иброҳимов кўрсатилдиган.

«Газета.uz» 20 ёшли Абдуллоҳнинг отаси Дилмурод Тоҳиров ўғлининг қаерда эканини 26 октябрдан бери била олмаётгани ҳақида ёзган эди. Худди шу куни Абдуллоҳнинг айби билан ЙТҲ содир бўлади. Унинг бошқарувидаги Lacetti автомобили вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашевга тегишли экани айтилаётган Nexia-2 автомобили билан тўқнашади. Отаси эҳтиёт қисмларни сотиб олиб, етказилган зарарни қоплайди. Бироқ унинг ўғли туман ИИБ ходими билан вилоят ИИБга боради ва шу билан бедарак йўқолади.

Партия эксперти вазиятга изоҳ берар экан, бу ҳолатда бир қатор қонун талаблари бузилганини санаб ўтади.

Абдуллоҳ томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилгани натижасида Қ.Эргашев бошқарувидаги автотранспорт воситасига моддий зарар етган. Моддий зарар суммасидан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133- ёки 134-моддаси билан А.Тоҳировга жарима солинади ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Бу ҳаракат учун маъмурий қамоқ жазоси берилмайди. Агар бошқа ҳаракати учун маъмурий қамоқ жазоси қўлланган бўлса, унинг қонуний ҳуқуқини бузмасдан оила аъзоларига хабар қилиниши талаб этилади.

Агар Абдуллоҳ биронта жиноятни содир этишда гумон қилинаётган бўлса, Жиноят-процессуал кодекснинг 220−221-моддаларига асосан фақат:

1) шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса;

2) жиноят шоҳидлари, шу жумладан жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар;

3) унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса;

4) шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса ушлаб турилиши мумкин.

Ушбу кодекснинг 47-моддасига кўра, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун етарли маълумотлар бўлмаган шахс гумон қилинувчи ҳисобланиб, бу тўғрисида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарор чиқариши лозим. 48-моддада эса гумон қилинувчи ўзининг нимада гумон қилинаётганлигини билиш, ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда у билан учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шу билан бирга, ЖПКнинг 224−225-моддалари талабидан келиб чиқиб, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, берган кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланиш мумкинлигини билдириши, ушлаб турилган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг навбатчиси ёки бошқа ходими ушлаб туриш баённомасини дарҳол тузиши, баённомада кимнинг, ким томонидан, қачон, қандай ҳолатда, қонунда кўрсатилган қандай асосларга кўра ушлангани, қандай жиноятни содир этганликда гумон қилинаётганлигини, ички ишлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга қайси вақтда олиб келинганлигини акс эттириши лозим. Бу ҳақда, ўн икки соат ичида прокурорга ёзма шаклда хабар берилиши ҳамда ушлаб туришнинг асосли эканлигини текшириш йигирма тўрт соатдан кечиктирмай ўтказилиши шарт. Ушланган шахс ушлаб келтирилган пайтдан бошлаб йигирма тўрт соатдан кечиктирилмай сўроқ қилиниши лозим.

Ушлаб туриш муддати 226-моддада қайд этилгандек, шахс ички ишлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан кўпи билан қирқ саккиз соатни ташкил этади. Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин. Ушлаб туриш муддати тугагунга қадар ва асослар мавжуд бўлганда унга айб эълон қилиниши, айбланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши, айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб сўроқ қилиниши ва эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал этилиши зарур.

Қонун талабини бузган ваколатли шахслар фуқарони қонунга хилоф ёки асоссиз ушлаб турганлик ёхуд ушлаш вақтида ваколатлари доирасидан четга чиққанлиги учун Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 234-моддасида (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) кўзда тутилган жиноятни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилади.

«Ўзбекистон „Адолат“ социал-демократик партияси ушбу воқеани қаттиқ қоралайди ва Қонунни оёқ ости қилманг! деб ўз муносабатини билдиради. Шунингдек, Бош прокуратурадан Абдуллоҳ қаерда? мақоласи юзасидан ҳамда 14 кундан бери унинг қаерда эканлиги ҳақида хабар бермаган шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериб, муносабат билдиришини кутиб қоламиз», — дейилади партия баёнотида.

Аввалроқ Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳам бу ишда шаффофлик таъминланиши лозимлигини маълум қилган эди.