Тошкентда куз охиригача кесишга рухсат берилган 4955 туп соғлом дарахтлар ўрнига товон сифатида 55 минг туп чинор, эман ва шумтол экилади. Бу ҳақда шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юсупов чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларида кўп сонли ташкилотлар қатнашиш фикрини билдиргани учун экиладиган кўчатлар сони 100 минг тупга етиши мумкин, деди у.

1 ноябрдан қимматбаҳо дарахт навларини кесишга мораторий эълон қилингани ҳақида сўзлар экан, Нодиржон Юсупов Фанлар академияси мутахассислари қимматбаҳо дарахт навлари рўйхатини кенгайтирганини маълум қилди.

Қурилиш жойларида қимматбаҳо дарахтларни кесишга тақиқ қўйилгани сабабли тадбиркорларга дарахтларни бошқа жойга кўчириб ўтказиш имкониятларини кўриб чиқиш ёки қурилиш лойиҳасини ўзгартириш таклиф қилинмоқда.

Нодиржон Юсупов шаҳарда қурилиш муносабати билан дарахт кесиш ҳолатлари мораторий кучга кирган вақтга қадар кесишга рухсат берилгани сабабли учраб туришини таъкидлади.