Ўзбекистонда хорижга чиқиш паспортини доимий яшаш жойидан бериш талабани бекор қилиш режалаштирилмоқда. Президентнинг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг Facebook ижтимоий тармоғида тушунтириш беришича, янги тартиб мамлакатнинг бошқа ҳудудларида вақтинча яшаётган фуқаролар учун қулай шароитлар яратиб беришга қаратилган.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиш тартиблари тўғрисидаги низомнинг 17-бандига фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун доимий пропискада турадиган ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига ёки консуллик рўйхатига олинган маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қиладилар, дея ўзгартиш киритиш режалаштирилмоқда.

Хорижга чиқиш паспорти йўқолганда ҳам фуқаро доимий пропискада турадиган ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қила олади.

Октябрь ойи ўртасида ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Зиёев паспорт беришни прописка қилинган жойга боғлаб қўйиш бекор қилинаётгани ҳақида маълум қилган эди.