«Ўзэнергоинспекция» 123 истеъмолчининг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганини аниқлади, дея хабар қилди инспекция матбуот хизмати. Истеъмолчилар томонидан етказилган зарар бўйича 1,7 млрд сўмлик электр энергияси қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Хусусан, Наманган вилоятида 8, Фарғона вилоятида 8, Самарқанд вилоятида 7, Хоразмда 10 нафар истеъмолчи томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш натижасида энергия тизимига 1,6 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.

Августдан октабргача бўлган даврда «Ўзэнергоинспекция» истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 415 ҳолатни аниқлади, 242 истеъмолчининг электр қурилмалари тармоқдан узилди.

Электр энергиясидан фойдаланишда ҳуқуқбузарликлар содир этган истеъмолчилар томонидан фойдаланилган 9,8 миллиард сўмлик электр энергияси қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шундан 3,3 миллиард сўми бугунги кунда ундирилди.