Жорий йилнинг октябрь ойи давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонига келган Туркия давлати вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тренинг машғулотларини ўтказишди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Яқин жангларни олиб боришнинг ўзига хос хусусиятлари, тунгги операцияларни бажариш ҳамда бир қатор бошқа мавзулар бўйича ўтган назарий ва амалий машғулотлар икки мамлакат ҳарбий мутахассислари учун ўзаро тажриба алмашиш ҳамда бугунги замонавий тўқнашувлар ва уларда ҳаракат қилиш ҳақида кўпроқ маълумот олиш имконини берди.

Бугун, 1 ноябрь куни мазкур тренинг якунларига бағишланган йиғилишда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев иштирок этиб, Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасидаги мустаҳкам алоқалар янги босқичга кўтарилаётганини эътироф этди. У ўзбек ва турк халқларини улар ўртасидаги меҳр-оқибат, дўстлик ва биродарлик каби ришталар бирлаштириб туришини таъкидлаб ўтди.

Қўмондон ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар билан бир ой давомида тренинг машғулотларини сифатли ўтказгани учун Туркия ҳарбийларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шундан кейин Туркия вакиллари ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларга тренинг машғулотларини якунлагани муносабати билан сертификатларни топширди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги қардош халқ вакилларини ўзбек ва қорақалпоқ удумлари бўйича кузатишди.