БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид 2020 йилнинг бошида яна Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкин, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Аҳмад Шаҳид илк бор Ўзбекистонга 2017 йил октябрида келган эди. Жумладан, у Ўзбекистон шимоли-ғарбидаги «Жаслиқ» қаттиқ тартибли колонияда бўлганди. 2019 йилнинг августда мамлакат ҳукумати БМТ ва халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида ушбу колонияни ёпишга қарор қилди.

ТИВ маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Вашингтонда Аҳмад Шаҳид билан учрашди. Томонлар махсус маърузачи ташрифи якунлари бўйича тасдиқланган «йўл харитаси»нинг амалга ошириш жараёнларини ҳамда «Эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш жараёнини кўриб чиқди.

Махсус маърузачи мамлакатда диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини амалга ошириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда диний таълим тизимини такомиллаштириш бўйича эришилган муваффақиятларни эътироф этди.

БМТ вакили Ўзбекистон ҳукуматининг ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан ўзаро алоқаларини олқишлаб, мамлакатда диний эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.