Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида Tico енгил автомобили ва «ЗИЛ» юк автомобили тўқнашуви натижасида икки киши ҳалок бўлди, жабрланганлар бор, дея хабар қилди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати.

31 октябрь куни тахминан соат 10:30 да, фуқаро Ш. Т. ўзига тегишли Tico русумли автомашинасини «Шўрбозор-Чироқчи-Шаҳрисабз» автомобил йўлининг Чироқчи тумани «Қорабуруғ» қишлоғи ҳудудидан чиқиб келувчи «4К-84» йўлининг «4Р-342» йўли билан туташувчи қисмида бошқариб бораётиб, фуқаро Б.Б. бошқарувидаги «ЗИЛ» русумли юк машинаси билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

Оқибатда, Tico автомашина ҳайдовчиси Ш. Т. ва унинг йўловчиси Б.У. ҳодиса содир бўлган жойда вафот этганлар. Бундан ташқари, мазкур автомашина йўловчилари Х.Ў., Х.А. ва М.А.лар турли даражада тан жароҳатлари олиб, Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан 31 октябрь куни Чироқчи тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Худди шу куни тахминан 21:40 да Қашқадарёнинг Қарши туманида Lacetti ва Nexia автомобиллари тўқнашувида тўққиз киши турли даражада тан жароҳатлари олди.

Хабарда аниқлик киритилишича, Н.Х. ўзининг бошқарувидаги фуқаро Ш. Ж.га тегишли Lacetti русумли автомашинасини ишончнома орқали Қарши-Еттитом 4R87 автомобиль йўлининг Еттитом йўналиши бўйлаб бошқариб бораётиб, ушбу йўлнинг 50 километрида, қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган фуқаро Р.З. бошқарувидаги МЧЖга тегишли Nexia русумли автомашинани йўлига чиқиб кетган ҳолда, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган.

Натижада Nexia автомашина ҳайдовчиси Р.З. ва йўловчилар С.У., Э.Р., С.К.лар ҳамда Lacetti ҳайдовчиси Н.Ҳ. ва йўловчилар Д.С., М.Р., Г. Н., Н.Н. тан жароҳатлари олиб шифохонага мурожаат этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда ва натижасига кўра Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддаси тартибида қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.