Қашқадарёда 9-синф ўқувчиси қотилликка қўл урди. У билан жинсий яқинлик қилиб, бошқа қизга уйланмоқчи бўлган севгилисини ўлдирди. Бу ҳақда Деҳқонобод тумани прокурори Лазиз Ҳамроев «Ҳуқуқ» нашрига маълум қилди.

Анвар Муборак билан танишганида у мактабнинг 8-синфида ўқир эди. Романтикага ўч бўладиган ёшдаги қизнинг кўнглини олиш ундан анча катта, келишган йигитга унча қийинчилик туғдирмади. Йигит севишини айтганида Муборакнинг кўзлари ҳам қувончдан чақнаб кетди ва инон-ихтиёрини унга топширганини билмай қолди…

Қиз тўққизинчи синфни битирганидан сўнг Анвар унга уйланмоқчи эканини онасига айтди. Шифохонада даволанаётган Муборакни кўриб қайтган Шодмоной опага бу таклиф ёқмади. «Ҳали ёш бола-ку…» деб қўя қолди.

Анвар аввал иккиланди. Сўнг уйидагиларнинг янги таклифига — Тошкентдаги қариндошларининг қизи Фаридага уйланишга рози бўлди. Бундан хабар топган Муборак роса тўполон кўтарди. Анвар муносабатларидан хабардор бўлган қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, «Қизингиздан эҳтиёт бўлиб туринг, ўзини бир нарса қилиб қўймасин» деб тайинлади. Муборак эса жазава ичида йигитга «ҳамма нарсани бузвораман, ишонинг, менга ҳам, бошқага ҳам уйланмайсиз, гапимга жавоб бераман», «…мен сизга яна айтаман, ҳеч нарса бўлмайди, ишонинг, бўлган куни сиз йўқ бўласиз, қўлимдан келади, жавоб!» деган смс-хабарлар юбориб, ўз шартларига кўнмаган тақдирда уни ўлдиришини очиқдан-очиқ баён қилди.

Анвар бир оғайнисидан маслаҳат сўраб Муборакни учрашувга чақиртирди. Муборак телефон рақамини алмаштирган Анварнинг янги рақамини олиш баҳонасида у билан учрашди. Аммо у Анварнинг рақамини бермади. Анвар эса шу баҳонада Муборакни бошқалар билан учрашиб юрганликда айблаб, жанжаллашди.

Август ойи эди ўшанда. Соат ўнларда Анварнинг машинасида у яшайдиган уйга келишди. Гараждаги машина ичида дастлаб одатга айланган «висол онлари», сўнг даҳанаки жанг давом этди.

— Мен Фаридага уйланаман, сен ҳам бирортасига тегарсан, — деди Анвар.

— Шу аҳволда-я? — Муборакнинг тепа сочи тикка бўлди.

— Нима қипти? — илжайди Анвар. — Дўхтирга борасан, пулини берсанг, бир зумда операция қилиб, бокира қилиб қўяди…

— Бормайман ҳеч қандай дўхтирга, — деди Муборак жаҳл билан.

Жанжал яна давом этди. Анвар қизга тарсаки туширди. Қиз эса уни тепиб, тирнаб ташлади. Сўнг орқа ўриндиқда ўзига тескари қараб, чўккалаб ўтирган йигитни елкасидан кучининг борича итариб юборди. Анвар машина эшигига юзи билан урилиб, ҳушини йўқотди. Жазавага тушган Муборак унинг сочидан тортиб, бошини машина эшиги остидаги кузовга тинимсиз ура бошлади. Юзи моматалоқ бўлиб кетган Анварнинг бурнидан тирқираб қон оқса ҳам қиз тўхтай демасди.

Охири Анвар тинчиб қолди. Муборак унинг тинимсиз жиринглаётган телефонига жавоб беришни хаёлига ҳам келтирмади. Аксинча, йигитнинг ўлимини кутиб ўтирди.

Анварнинг танасини ушлаб кўриб, ўлганига ишонч ҳосил қилгач, ўзича қотиллик сценарийсини саҳналаштира бошлади. Ўзини Анварнинг ҳаракатларидан жабрланган қиз сифатида ҳамда уни кимдир қасддан ўлдириб кетгандек кўрсатиш учун йигитнинг бурнидан оққан қонни эгнидаги кўйлагининг олдига суртди. Жасаднинг боши осилиб турган машина эшиги остига гўё ҳушидан кетган каби ётиб олди…

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судининг Ғузор туманида бўлиб ўтган суд мажлисида мазкур қотиллик тафсилотларига ойдинлик киритилди. Мажлисда ҳозир бўлганлар ҳали ўн олтига ҳам кирмаган муштдеккина қизнинг қотил эканига ишонгилари келмаган бўлса ажаб эмас…

Маълум бўлишича, 2003 йилда туғилган Муборак Анорбоева мактабнинг 9-синфини тамомлаган. Ғузор туманида яшаган.

Суд мажлисида Муборак айбига иқрор бўлмасдан, Анвар уни зўрлаганини, беҳаё суратларини ижтимоий тармоқда тарқатиб юбориш билан таҳдид қилганини, шу сабабли уришиб кетишганини, йигит унинг бошини машина эшигига урганидан кейин ҳушини йўқотганини, қотил ким эканини билмаслигини маълум қилди.

Бироқ судда тингланган гувоҳлар, экспертиза хулосалари ҳамда тўпланган бошқа бир қатор далиллар орқали ўзини маъсума қилиб кўрсатаётган қиз Анварнинг қотили экани ўз исботини топди.

Суд ҳукмига кўра Муборак Анорбоевага 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.