2019 йил 31 октябрь куни парламент қуйи палатасида ўтказилган навбатдаги мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги бажарилишининг бориши тўғрисида"ги ҳисоботи эшитилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳисоботни бош вазир ўринбосарлари А.Абдуҳакимов ва Э.Ғаниев тақдим этди.

Депутатлар таъкидлаганидек, ҳукумат томонидан парламентга олдиндан киритилган ҳисоботда барча муҳим масалалар кенг қамровда акс эттирилган. Жумладан, Давлат дастурининг 2019 йил II чоракдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи бўйича Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси, Ҳукумат ҳамда унинг таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга юборилган парламент ҳамда депутатлик сўровларига берилган жавоблар чуқур таҳлил қилинган, уларнинг амалий ижроси юзасидан аниқ чоралар ва масъуллар белгиланган. Бу галги ҳисоботнинг аввалгиларидан ажралиб турган яна бир жиҳати шундаки, бажарилган ишлар баробарида ҳукумат келгуси чоракда адо этилиши белгиланган режаларини аниқ объектлар, рақамлар орқали олдиндан маълум қилган. Ҳисоботда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг изчил ривожлантиришни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар батафсил баён қилинган. Айниқса, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестицион муҳитни яратиш, республика ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини кўтариш борасидаги ишлар чуқур таҳлил этилган.

Ҳисоботга кўра, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга ўсди. Хусусан, саноат тармоқлари 7,0 фоиз, жами хизматлар — 12,7 фоиз, чакана савдо айланмаси — 7,0 фоиз ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 2,4 фоизга ортиши иқтисодий ўсишнинг асосий омили сифатида кўрсатилган. Мамлакатда яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида жалб этилаётган жами инвестициялар ҳажми 46,0 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми эса, 19,3 фоизга ўсган.

Давлат бюджетининг 2019 йил январь-сентябрь ойларида даромадлари 79,2 трлн. сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баравар кўп), харажатлари эса, 86,5 трлн. сўмни ташкил этди. Давлат бюджети харажатлари таркибида энг юқори улуш (53,2 фоиз) ижтимоий харажатларга тўғри келди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси президентининг аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни тapғиб килиш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, компьютер технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, хотин-қизларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлашга қаратилган 5 та ташаббуси ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жойлардаги тадбиркорлик марказларига мурожаат қилган 2 522 нафар хотин-қизларга имтиёзли кредит олишда кўмаклашилди, 35 193 нафари тадбиркорлик фаолиятига жалб этилди. Хотин-қизлар учун 53 751 та иш ўринлари яратилди.

Умуман, Давлат дастури 274 та банддан иборат бўлиб, 2019 йилнинг тўққиз ойида 203 та банд ижроси белгиланган. 2019 йилнинг тўққиз ойида давлат дастурининг 168 та банд ижроси тўлиқ бажарилган, якунига етказилмаган 24 та банд бўйича киритилган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилмоқда ҳамда 11 та вазифанинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган.

Ҳукуматнинг тақдим этилган ҳисоботи, унда келтирилган ҳар бир рақам ва далил депутатлар томонидан чуқур таҳлил қилинди. Давлат дастурида белгиланган муҳим ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий вазифалар, чора-тадбирларнинг ижроси ҳолати қизғин муҳокамалар марказида бўлди. Парламент вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилаётган, бевосита Давлат дастурига дахлдор бир қатор масалаларга ҳукумат аъзоларининг эътиборини қаратдилар.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини, танқидий мулоҳаза ва таклифларини баён қилдилар.

Хусусан, депутатлар давлат раҳбарининг хорижий давлатларга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлари якунлари бўйича тасдиқланган «Йўл хариталари»да назарда тутилган топшириқлар ижросини вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўз вақтида таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётганини таъкидладилар. Бундай камчиликлар мамлакатга инвестиция оқими кириб келишига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қатъий чоралар кўрилиши лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан мурожаатлар билан ишлашда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида 2202 нафар мансабдор шахснинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши мазкур соҳадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда, айниқса, мансабдорларнинг ижро интизоми борасидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди.

Муҳокамаларда Давлат дастурини самарали амалга оширишда божхона, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан имтиёзларни тақдим этишга бўлган амалдаги ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, давлат дастурларини амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларидаги мавжуд бюрократик тўсиқ ва субъектив омилларни баратараф этиш юзасидан Ҳукумат алоҳида кўрсатмадан иборат норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қатъий назоратни амалга ошириши лозимлиги, зарур ҳолларда депутатлар билан бу соҳада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши фойдадан холи эмаслиги қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, депутатлар соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига доир масалаларга эътибор қаратар экан, Давлат дастурининг 155−166-бандларида белгиланган Давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, «маблағ бино учун эмас, балки бемор учун» тамойили асосида ишни ташкил этиш, ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида яқин қариндошлар ўртасида никоҳни таъқиқлаш масаласининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бу борада тарғибот ишларини амалга ошириш назарда тутилган қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг ишлаб чиқилмаганини танқид қилдилар.

Шу билан бирга, мажбурий тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш, соғлиқни сақлаш эҳтиёжи учун ажратилаётган пул маблағларини жамлаш ва тақсимлаш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутадиган Мажбурий тиббий суғурта механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифа ҳам ортга сурилиб бораётганига эътироз билдирилди. Олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш, босқичма-босқич давлат буюртмаси, табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини жорий этиш орқали ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳанузгача тасдиқланмагани танқид остига олинди.

Тадбирда депутатлар, шунингдек, жорий йилнинг IV чорагида Давлат дастурининг ижроси устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш лозимлигини қайд этдилар. Мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш ҳамда миллий иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, ҳудудларимизни ижтимоий ривожлантириш натижасида аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш борасидаги тадбирларнинг самарали амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Айни масалалар юзасидан депутатларнинг Ҳукуматга таклиф ва тавсиялари билдирилди.

Қизғин ва амалий, умумий мақсадларга эришиш учун ўзаро танқид руҳида кечган савол-жавоблардан сўнг депутатлар ҳукумат ҳисоботини маъқулладилар.

Тадбир якунида парламент қуйи палатасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича, тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастурини бажариш юзасидан Ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ўз ичига олган қарори қабул қилинди.