Ўзбекистон Банклар ассоциациясида «Миллий тикланиш» демократик партиясининг VI cъезди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унда партиянинг 2020−2025 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди.

Съездда «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 2015−2019 йиллардаги фаолияти атрофлича муҳокама этилди.

Ўтган даврда партия фракцияси томонидан қатор қонун ташаббускорлиги, барча даражадаги партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилди.

2015−2019 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббускорлик ҳуқуқи асосида 86 қонун лойиҳасини киритган бўлса, унинг 64 тасида партия фракцияси аъзолари иштирок этди. Партия фракцияси ташаббуси билан парламент назорати доирасида 9 эшитув ўтказилди.

Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар томонидан 2015−2019 йиллар мобайнида қонун ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан амалга оширилган 5 минг 709 депутатлик сўрови ижобий ҳал этилди. Фуқаролар мурожаатлари асосида юборилган 16 минг 896 депутатлик сўровида келтириб ўтилган 15 минг 493 муаммо ва масалалар ўз ечимини топди.

— Аввалги сайловлардан фарқли ўлароқ, бу йилги сайлов кампаниясида оммавий ахборот воситаларида, хусусан, электрон нашрларда, ижтимоий тармоқларда юртдошларимиз ўз фикрларини очиқ-ошкора, дадил айтмоқда, — деди Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров. — Айни пайтда бу — сайловларимизнинг демократия тамойиллари асосида, ҳалол ва адолатли ўтишининг ўзига хос кафолати, жамоатчилик назоратининг ўзига хос шакли ҳисобланади.

Съездда партия марказий кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси фаолияти танқидий-таҳлилий муҳокама этилди.

ЎзМТДПнинг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда иштироки билан боғлиқ энг муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар муносабати билан Сайловолди дастури делегатлар эътиборига тақдим этилди.

Партия Сайловолди дастурида бош сиёсий шиор «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари!» деб белгиланди. «Инсонни ўзгартиш орқали жамиятни ўзгартириш!» ғояси эса асосий ғоя сифатида илгари сурилди.

— Партиянинг Сайловолди дастурида миллий манфаат деган тушунча биринчи ўринда туриши керак, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов. — Биз Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини юксалтириш, жаҳон интернет майдонида миллий контентни ривожлантиришга жиддий эътибор беришимиз лозим. ЎзМТДПнинг Сайловолди дастурида миллий тилга бўлган эътиборни кучайтириш керак. Бундан ташқари, партия миллатпарварлик тушунчасига кўпроқ урғу беришини истар эдик. Бу миллатчилик дегани эмас. Миллатпарварлик бу — ўз миллатини севиш, маданий меросидан ғурурланиш дегани.

Партиянинг янги Сайловолди дастурида халқимизни ўйлантириб келаётган кўплаб долзарб масалалар ечими бўйича аниқ ташаббуслар ўрин олган. Хусусан, узлуксиз тарбия тизимини яратиш, парламентни «халқ уйи»га айлантириш, Давлат тили мақомини ошириш, ўқитувчига қулай меҳнат шароитини яратиш каби вазифалар белгиланди.

Шунингдек, маҳалла фаолиятини такомиллаштириш, маданий меросимизни муҳофазалаш, муқобил кредитлаш тизимини амалиётда қўллаш, туризмни ривожлантириш йўлидаги муаммоларнинг олдини олиш, ҳунармандлик мақомини ўзгартириш, миллат генофондини сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, хориждаги ватандошларимиз манфаатини ҳимоя қилиш, табақалашган коммунал тўловларни жорий этиш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини ошириш устувор вазифа этиб белгиланди.

Съезд делегатлари ушбу устувор мақсад ва ғояларни қўллаб-қувватлаб, партиянинг янги Сайловолди дастурини тасдиқлади.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала муҳокама этилиб, ҳар бир округдан қўйилаётган номзодлар ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди.

Партия томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов учун ташкил этилган 150 округга 150 нафар номзод кўрсатилди.

Съездда, шунингдек, партия фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.