Кеча ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Ҳазора маҳалласида етим болани хўрлашгани акс этган видео юзасидан хабар берилган эди.

31 октябрь куни ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар маъмурий судининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди, дейилади Zarnews.uz ахборотида.

Мазкур иш юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида У.Ҳ.ни калтаклаган Ҳ.И. ва И.З.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди. Суд мажлисида ҳуқуқбузар Ҳ.И. ўз айбини тан олиб, содир қилган қилмишидан пушаймонлигини, қонуний енгиллик беришларини сўраган.

Суднинг қарорига кўра, Ҳ.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 195 ва 194-моддаси («Майда безорилик», «Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш» ҳамда «Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ҳуқуқбузар И.З.га нисбатан эса 11 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.