Пайшанба куни Буюк Британия ва Ўзбекистон ҳамкорлик келишувини имзолади, дея хабар қилди Британия элчихонаси матбуот хизмати. У Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида Буюк Британия билан бундай келишувни имзолаган биринчи мамлакат бўлди.

Расман Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик келишуви деб номланган ушбу ҳужжат Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг шериклик ва ҳамкорлик келишувидан чиқишидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда узилишлар бўлмаслигини таъминлайди.

Ундан ташқари, Буюк Британия ва Ўзбекистон савдо муносабатларда энг кўп қулайлик яратиш мақомини қўллашда давом этишини таъминлайди. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг аъзоси бўлмагани учун, ушбу келишувда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқий мақом Британия корхонларига ишонч билан савдо фаолиятини давом эттиришни имконини беради.

Мазкур келишувнинг имзоланилиши келажакда ташқи алоқалар, сиёсий ва хавфсизлик масаларида ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу келишув инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги соҳаларида мавжуд мажбуриятларни мустаҳкамлайди ҳамда савдо-сотиқ, барқарор ривожланиш, тадбиркорлик ва сармоя киритиш каби йўналишларда кейинг ҳамкорлик истиқболлари учун асос яратади, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, бу ҳужжат Ўзбекистоннинг кенг кўламли ислоҳотлар дастурини ва сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларидаги эришилган натижаларини эътироф этади.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлоу ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов мазкур келишувни Тошкентда имзоладилар.