«Тоза ҳаво» операциясининг кузги даврида 261,7 мингга яқин транспорт воситалари заҳарлилиги ва тутун чиқиндилари бўйича синовдан ўтказилди. У 10 августдан 10 сентябргача вилоятларда, 10 сентябрдан 10 октябргача Тошкентда бўлиб ўтди. Операция натижалари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида тақдим этилди.

Пойтахтда синовдан ўтган 14 мингта транспорт воситасининг 6 фоизида (842) заҳарли моддалар ва тутун чиқариш даражасининг юқорилиги аниқланган. Бутун республика бўйича бу кўрсаткич 4% ни ташкил этди (9720 та машина). Заҳарлиликни тартибга солиш учун 2989 та транспорт воситасидан фойдаланиш вақтинча тўхтатилди.

«Автомобилларни [бензинли двигателларда] созлаш бир соатдан кўпроқ вақтни олади. Дизель ёнилғисида — икки кунгача», — деди Экология бўйича давлат қўмитасининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Умиджон Абдужалилов «Газета.uz»га.

Қўмита маълумотларига кўра, ҳавони муҳофаза қилиш қонунчилигини бузганлиги учун ЙҲХБ 2472 та автомобиль эгаларига жарима солган ва жами 157 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилди. Жарималар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси («Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш») бўйича қўлланилмоқда.

Мамлакат миқёсида атмосферага умумий ташламаларда транспорт воситаларининг улуши 60 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Қолган 40 фоизнинг манбаси саноат тармоғи (энергетика, кимё ва нефт-газ саноати ва қурилиш индустрияси) ҳисобланади. Бундан ташқари, Тошкентда автоуловлар ифлослантирувчи чиқиндиларнинг 90 фоизидан ортиғини ташкил қилади («Газета.uz» бу ҳақда батафсил ёзган эди).

Автомобиллардан чиқадиган асосий ифлослантирувчи моддалар углерод оксиди, углеводородлар, азот оксиди, олтингугурт диоксиди, алдегидлар, қаттиқ моддалар ва бошқалар, асосий иссиқхона газлари — метан ва карбонат ангидрид.