Жорий йилнинг 30 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Ҳазора маҳалласида етим болани хўрлашгани тўғрисида видео тарқалди. Мазкур видео тарқалганидан сўнг Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилди, деа хабар қилди ЎзА.

Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки тергов олди текширув давомида Самарқанд шаҳар Зиёкорлар кўчасида яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро У.Ҳ. онасини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, гапларига қулоқ солмасдан, алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеьмол қилишга ружу қўйган. Шу сабабли У.Ҳ.нинг онаси қариндоши 1988 йилда туғилган фуқаро И.Ҳ.га ўғлини тарбиялаш ва тўғри йўлга солиб қўйишни сўраган.

Аниқланишича, мазкур видео 2019 йилнинг август ойи ўрталарида олинган бўлиб, И.Ҳ. қариндоши У.Ҳ.ни Спитаменшох кўчасида жойлашган темирчилик устахонасига олиб бориб, у ерда укаси 1997 йилда туғилган фуқаро И.И. билан биргаликда турли жисмлар яъни, велосипед ғилдирагининг чарми ва арқон билан уриб дўппослаган.

И.И. ўзи билан биргаликда устахонада ишловчи 2004 йилда туғилган С.Б.га ушбу ҳолатни видеотасвирга олишини айтган.

Мазкур видеони 2019 йилнинг октябрь ойида 1983 йилда туғилган фуқаро Ф.К. видеотасвирдаги қонунбузарларга нисбатан чора кўрилиши учун Фейсбук ижтимоий тармоғида тарқатиб юборган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дея хабар беради Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати.