Пайшанба куни эрталаб Покистоннинг Панжоб провинциясида йўловчи поездида чиққан ёнғин натижасида энг камида 65 киши ҳаётдан кўз юмди, 30 дан зиёд киши жароҳатланди, дея хабар қилди Pakistan Today.

Поезд Карачидан Равалпиндига йўл олган, дастлабки тахминларга кўра, ёнғинга овқат тайёрлаш учун ишлатилган газ баллони портлаши сабаб бўлган.

Кўплаб йўловчилар ёнаётган поезд ҳаракатланиб кетаётганда ўзларини пастга ташлаб ҳаётини қутқариб қолган, деди темир йўллар вазири Шайх Рашид. У темир йўлда бир неча соат ичида ҳаракат қайта тикланишини маълум қилди.

Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор, ҳозирча қурбонларнинг ҳеч бирининг шахси аниқланмади. Жароҳатланганларни ташиш учун ҳарбий вертолёт юборилган, улар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилмоқда.