Навоий шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан шаҳар марказий кўчаларида чиқиндиларни исталган ерларга ташлаб кетиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида тезкор рейд тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Рейд давомида Навоий шаҳар, «Орзу» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Гулистон деҳқон бозори атрофида фуқаро К. Низомов томонидан писта пўчоқларини, фуқаро Д. Рўзиев эса «Янги ҳаёт» савдо мажмуаси олдида жойлашган автомобиллар тураргоҳи ҳудудига сигарета қолдиғи ва қоғоз чиқиндиларини белгиланмаган жойга ташлаётган пайтда тўхтатилиб, уларга нисбатан МЖТКнинг 91-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва энг кам иш ҳақининг ярим баробари миқдорида жарима қўлланилди.

Маълумот учун, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 91-моддаси, 1-қисмига асосан жарима қўлланилишига сабаб бўлади.