«Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида бўлаётган «InnoWeek — 2019» инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Халқаро инновацион-инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Форумда бир қатор хорижий инвестиция компаниялари ҳам иштирок этмоқда. Ҳафталикнинг биринчи куни Инновацион ривожланиш вазирлиги Хитой, Туркия, Исроил, Польша ва Ҳиндистондан келган инвесторлар билан икки томонлама ҳамкорликни назарда тутувчи умумий қиймати 96,5 миллион долларга тенг бўлган англашув меморандумлари ва шартномалар имзолади.

Ушбу келишувлар технологиялар трансфери, тажриба алмашиш, қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, стартап ва инновацион лойиҳаларнинг қўшма танловларини ташкил этиш ва молиялаштириш, инновацион фаолиятни венчур молиялаштириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга тааллуқлидир.

Жумладан, «UBTech Robotics Ltd.» компанияси (Хитой) билан сунъий интеллект, маиший электроника, саноат инжиниринги, машинали ўқитиш, маҳсулотлар тадқиқоти ва робототехника йўналишида ҳамкорлик қилиш, «TUYA Smart» компанияси (Хитой) билан иловалар маркетинги, корхоналар учун дастурий таъминот, интернет, дастурий таъминот, веб-ишланмалар йўналишида ҳамкорлик қилиш, «IMPEL GROUP» компанияси (Польша) билан кўчмас мулкни бошқариш, улар хавфсизлигини таъминлаш ва бизнес жараёнларни бошқариш йўналишида ҳамкорлик қилиш, «WaterGen Ltd.» компанияси (Исроил) билан ҳаводан сув ажратиб олиш, кондиционерлар сувини тозалаш ва батареялардан қувватланувчи мобиль сув тозалаш, «APCTT UNESCAP» компанияси (Ҳиндистон) билан технологиялар трансфери йўналишида ташкилий масалалар, инсон ресурсларини ривожлантириш, тадқиқотлар, ишбилармонлик, шериклик муносабатларни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Шунингдек, Хитой Фанлар академиясининг Шанхай фармакология институти билан Навоий вилоятида доривор субстанциялар ишлаб чиқарувчи завод қуриш бўйича 10 миллион долларлик, Туркиянинг «IKI-EL MAKINA INSAAT GIDA SANAYI VE TICARET LTD STI» компанияси билан қишлоқ хўжалиги машиналари, ун фабрикалари, дон сақлаш ва томчилаб суғориш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича 20 миллион долларлик шартномалар тузилди.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Хитойнинг «ANHUI SHUIʼAN CONSTRUCTION GROUP CO» LTD (SHUIʼAN GROUP) компанияси ўртасида алюминий қутилар ишлаб чиқариш бўйича 66,5 миллион долларлик ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ҳафталик давом этмоқда. Олдинда яна инвестиция шартномалари ва меморандумлар имзолаш режалаштирилган.