Ўзбекистон президентининг 2019 йил 13 августдаги туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисидаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда «Uzbekistan Airports» АЖ томонидан хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида Туркиянинг «Atlasglobal Airlines» авиакомпаниясига парвозларни амалга ошириш учун рухсат берилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот учун: «Atlasglobal» (2015 йилгача «Atlasjet Havacılık A.Ş» дея юритилган) — Туркиянинг Европа ва Осиё, шунингдек мамлакат ичида мунтазам ва чартер йўловчи авиаташувларини амалга оширувчи авиакомпанияси. «ETS Group»га тегишли ушбу авиакомпания Истанбулдаги янги аэропортда жойлашган бўлиб, Даламанда қўшимча хабга эга.

Мавжуд маълумотларга кўра, Туркия авиакомпанияси журналист, блогер, туристик фирмалар раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек дин арбоблари ва олимларни жалб қилган ҳолда икки чартер рейсни амалга ошириш режалаштирилган.

«Atlasglobal» Ўзбекистоннинг «Grand Atlas Discovery» компанияси кўмагида 31 октябрь — 4 ноябрда Истанбул-Бухоро ва Самарқанд-Истанбул йўналишидаги биринчи чартер рейсини амалга оширади.

«IATA summer 2020» ёз мавсумидан бошлаб эса «Atlasglobal Airlines» авиакомпанияси томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида 50 авиарейсни амалга ошириш режалаштирилган, бунинг натижасида эса Ўзбекистонга 10 мингдан зиёд сайёҳнинг ташрифи кутилмоқда.

https://uzbektourism.uz/cyrl/newnews/view?id=834