«Ўзкиёсаноат» Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Навоийазот» АЖга қарашли ПВХ заводида тўрт кишининг газдан заҳарлангани тўғрисидаги хабарини рад этди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йил 28 октябрь куни ПВХ заводи ва умуман «Навоийазот» АЖ ҳудудида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермаган. Шу куни соат 17:00лар атрофида «Навоийазот» АЖ Тиббий санитария қисмига «Навоийазот» АЖга ҳудудидаги «ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариши мажмуаси» қурилишида иштирок этаётган 4 нафар ходим ўзларини ёмон ҳис этганликлари туфайли шахсан мурожаат этганлар, дейилади компания хабарида.

«Навоийазот» АЖ Тиббий санитария қисми тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрик вақтида уларнинг организмида ҳеч қандай кимёвий моддалардан заҳарланиш аломатлари аниқланмаганлиги туфайли овқатдан заҳарланиш тахмини билан Навоий шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига «Навоийазот» АЖ хизмат автомобилида олиб борилган. У ердаги кўрикдан сўнг бир нафар ходимга шу куннинг ўзида жавоб берилган, қолган 3 нафар мурожаат этган ходимлар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий вилоят филиали токсикология бўлимида олиб қолинган ва 29 октябрь куни соат 10:00 да аҳволи яхшилиги туфайли шифохонадан чиқарилган. Айни вақтда ушбу ходимлар ўз хизмат вазифасини бажармоқда.

Компания ССВ хабаридаги тез тиббий ёрдам бригадасининг воқеа жойига зудлик билан етиб борганини ҳам рад этди. «Аслида тез тиббий ёрдам бригадаги заводга келмаган, аксинча ходимлар Навоий шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган», — дейилади баёнотда.