Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан январь-сентябрь ойларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натаижалари эълон қилинди.

Молия вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, мониторинг жараёнида 4,7 млрд сўм, шундан жорий йилнинг 3-чорагида 1,3 млрд сўм Жамғарма маблағларини асоссиз ва ноқонуний сарфланиш ҳолатлари аниқланди.

Жамғарма маблағларини мақсадли сарфланишига масъул бўлган ташкилот ҳодимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришда суистеъмолчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари аниқланган.

Мисол учун, Андижон шаҳар Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бош ҳисобчиси «Элга хизмат кўмакдош» МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда жамоат ишларини бажарганлик тўғрисида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 362,8 млн сўм маблағни МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берган.

Балиқчи тумани Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бош инспектори тумандаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари билан келишган ҳолда 44 нафар фуқаро билан тузилган сохта меҳнат шартномалари ва жамоат ишларини бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот маълумотлари асосида 52,4 млн сўм ўзлаштирилган.

Булунғур туманидаги «Агро фаровон замин» агрофирмаси рахбари агрофирмада ишлаб келаётган 36 нафар ходимни (ходимларнинг беҳабарлигида) 22 майда ишдан бўшатиб, 3 ой муддатга ҳақ тўланадиган жамоат ишларига сохта буюртмани туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиб, 27,4 млн сўм жамғармадан асоссиз олганлиги аниқланди.

Шунингдек, Бухоро тумандаги 4 та фермер хўжалигига хизмат кўрсатувчи ҳисобчи томонидан фермер хўжаликларида ишламаган 8 нафар фуқаро номидан ҳужжатларни расмийлаштириб, туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиш орқали 12 млн сўмлик маблағларни ўзлаштирган.

Ҳудди шу каби, Ангор туманидаги «Ангор агро пилла» МЧЖ томонидан ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинганлик тўғрисида 37 нафар фуқаро номига сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ангор Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиб, жамғарманинг 65 млн сўм маблағлари ўзлаштириб юборилган.

Шеробод туманидаги «Хўжақия-1» МФЙ раиси жамоатчилик ишида ишламаган 3 нафар ҳамда жамоатчилик ишларига жалб этилиб, кейинчалик бўшаб кетган 5 нафар фуқаро номига сохта ҳужжатларни расмийлаштириш оқали 18,4 млн сўмлик маблағларни ўзлаштирган.

Бағдод туманда ўтказилган назорат тадбирларида «Универсал бизнес инвест» МЧЖ ва яна 23 та корхона, фермер хўжаликларида 106 нафар фуқаро номига ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 103 млн сўмлик жамғарма маблағлари ўзлаштирилганлиги аниқланган.

Юқоридаги холатлар бўйича назорат тадбирлари ҳужжатлари тегишли чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилди.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жамоат ишларига 284 минг нафар фуқаро жалб этилган бўлиб, уларга жамғарма ҳисобидан 189,4 млрд сўм иш ҳақи тўлаб берилган.