Хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари консуллик рўйхатига кирмасдан туриб ҳам 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларда овоз беришлари мумкин. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов ЎзАга маълум қилди.

Аввалги амалиётда, хориждаги сайловчилар рўйхатига фақатгина консуллик рўйхатига кирган фуқаролар киритилар эди. Масалан, 2014 йилги парламент сайловларида 13 минг 280 фуқаро сайловчилар рўйхатига киритилган.

Шу мақсадда Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом илк бор ишлаб чиқилди. Янги Низомга мувофиқ хориждаги сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхатлари дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасалари раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Фуқаролар хориждаги участка сайлов комиссиясига ёзма шаклда ёки Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб-сайти орқали электрон шаклда хориждаги сайлов участкасининг сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатини бериши мумкин. Бу мурожаат сайловга ўн беш кун қолгунга қадар берилиши керак.

Бунинг учун улар исм-шарифи, туғилган санаси, Ўзбекистондаги охирги доимий яшаш манзили, чет давлатдаги яшаш манзили, боғланиш учун телефон рақамлари ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини кўрсатиши керак.

Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, сайловчилар рўйхатига қўшимча киритилган сайловчилар ҳақидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим қилади. Яъни «фуқаро хорижда овоз берди» деган ёзув киритилади. Бу билан «бир сайловчи — бир овоз» тамойилига амал қилинади.

Дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари хорижда яшаётган фуқароларни хориждаги сайлов участкаси тўғрисида, Ўзбекистон фуқароларини хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ва муддатлари тўғрисида, муддатидан олдин овоз бериш кунлари ва сайлов куни тўғрисида оммавий ахборот воситалари ёки бошқа йўллар билан хабардор қилади.

Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида сайлов қонунчилигидаги овоз беришнинг айрим турлари умумлаштирилди. Яъни, хорижда зич ҳолда яшайдиган ёки ишлайдиган сайловчиларга хориждаги сайлов участкасининг биносидан ташқарида кўчма сайлов қутиларидан фойдаланилган ҳолда турган жойида муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилиши мумкин.

Сайловчиларнинг турган жойида муддатидан олдин овоз бериши хориждаги участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси иштирокида амалга оширилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.

Хорижий давлатлардаги фуқароларнинг сайловда иштироки бўйича ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича миссиялари ҳам бир қатор фикрлар ва тавсияларини билдирган.

Хусусан, Бюро миссиясининг 2014, 2015 ва 2016 йилларда бўлиб ўтган сайловларни кузатиш бўйича хулосаларида Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бир неча миллион фуқаролар борлиги ва уларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари етарли эмаслиги таъкидланган. Хориждаги фуқаролар ҳам сайлаш ҳуқуқларидан кенг фойдаланишлари учун қонунчиликка мувофиқ етарли даражада шароит яратиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилган.