Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида «КАМАЗ» юк автомобилининг автойўлдан чиқиб кетиши натижасида икки киши ҳалок бўлди, икки киши оғир тан жароҳатларини олди. Ҳодиса 29 октябрь куни тахминан 00:45 да содир бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

«Газета.uz»нинг Соғлиқни сақлаш вазирлигидан аниқлик киритишича, юк машинасида уч, борт қисмида эса икки киши бўлган. Авария натижасида А. Д. (1990 й т.) ҳодиса жойида вафот этди, Н. А. (1993) эса тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан шошилинч ёрдам кўрсатилганига қарамасдан кейинроқ ҳаётдан кўз юмди.

Икки киши оғир тан жароҳатлари билан Сариосиё туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч ёрдам бўлимига жойлаштирилди. Енгил тан жароҳати олган яна бир кишини шифохонага ётқизишга ҳожат бўлмади.

Яна иккита ЙТҲ

ССВ бир кун аввал — 28 октябрда содир бўлган яна иккита ЙТҲ тўғрисида ҳам хабар қилди.

Тахминан 19:55 да Сурхондарёнинг Шеробод туманида «КАМАЗ» ва Matiz тўқнашувида тўрт киши турли даражадаги тан жароҳатларини олди. Уларнинг барчаси туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч ёрдам бўлимига олиб борилди.

Х. Б. (1982) «бош мия ёпиқ жароҳати, иккала оёқ синиши» ташхиси, С.М. (1982), Л.Р. (2010) ва М.Р. (2013) «Бош мия ёпиқ жароҳати» ташхислари билан ётқизилган.

20:00 атрофида М-39 автойўлининг Қашқадарё вилояти Қамаши туманидан ўтган қисмида Damas ва «Жигули» автомобиллари тўқнашган, ўрт киши жароҳат олди.

Жароҳатланган беморлар: А.Г. (1996) «Бош мия лат ейиши, қорин бўшлиғи аъзоларининг ёпиқ шикастланиши» ташхиси, Ш. Ж. (1985) «Бош мия чайқалиши» ташхиси, Ж.Э. (1992) «Бош мия лат ейиши, пастки жағ суягининг ёпиқ синиши, қорин бўшлиғи аъзоларининг ёпиқ шикастланиши» ташхиси ҳамда С.М. (1985) эса «Очиқ калла мия шикастланиши, иккала сон бўлакланиб синиши, ўнг елка суягининг очиқ бўлакланиб синиши. Постгеморрагик ва посттравматик шокнинг оғир даражаси» ташхиси билан Қамаши туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.