2019 йил 27 октябрь куни соат 13:46да, Яшнобод тумани, Авиасозлар 3-даҳаси 38-сонли 4 қаватли уйнинг том бўғот кисмлари 70 кв.м. майдонида ёнғин юз берган. Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 13:51 да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 14:06 да қуршаб олиниб, соат 14:20 да бартараф этилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Ёнғин томда оловли-таъмирлаш ишларини олиб боришда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши оқибатида содир бўлган, деб тахмин қилинмоқда. Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғинда инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади. Ёнғин жойига 6 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.

Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объект раҳбар ҳамда ходимларини, шунингдек фуқароларимизни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади.