Урганч туманидаги 2-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси С.С. ўзи раҳбарлик қилаётган гуруҳ тарбияланувчиларини чизғич билан уриб, қаттиқ чимчилаган, шунингдек, у машғулотлар вақтида болаларни оч қолдириб, телефонда суҳбатлашиб ўтирган (видео). Унинг хатти-ҳаракатлари хонадаги кузатув камерасида қайд этилиб, 24 октябрь куни видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати баёнотида қайд этилишича, айни вақтда мазкур ҳолат ваззирлик назоратига олинган. МТТ кузатув камераларидаги видеотасвирлар болаларга нисбатан қўлланилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар бўйича далил сифтида тегишли ҳуқуқ тартибот идораларига қонуний чора кўриш учун тақдим этилади. Ҳозирда видеокузатув камераси хотираси сақланувчи хона муҳрланган.

«Ушбу ҳолат бўйича тарбиячига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб Урганч тумани прокуратурасига мурожаат қилинишини билдириб ўтамиз. Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва унинг бориши бўйича барча тафсилотлар кенг жамоатчиликка тақдим этилади», — дейилади вазирлик баёнотида.