Декабрдаги сайловларда ғалаба қозонган тақдирда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Очилбой Раматовни мамлакат бош вазири лавозимига номзод қилиб кўрсатмоқчи. Бу ҳақда ЎзХДП раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев жума куни «Юксалиш» Умуммиллий ҳаракати идорасида бўлиб ўтган давра суҳбатида айтиб ўтди.

«Газета.uz» ЎзХДП матбуот хизматидан ҳозирги кунда бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва транспорт вазири бўлган Очилбой Раматов партияга асос солинган 1991 йилдан бери унинг аъзоси эканини аниқлаштириб олди.

«Миллий тикланиш», «Адолат» ва Экологик партиялар «Газета.uz» мухбирининг саволларига жавоб берар экан, ҳукумат раҳбари лавозимига муносиб номзодлар захирасига эга эканини, аммо сайловларда ғалабага эришгунга қадар уларнинг исмларини ошкор қилишдан бош тортишди.

Амалдаги бош вазир Абдулла Ариповнинг номзоди 2016 йил 12 декабрда Либерал-демократик партиясининг (ЎзЛиДеП) қурултойида кўрсатилган ва 14 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида маъқулланган эди.

Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддасига биноан, бош вазир номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига депутатлар сайлови 22 декабрда бўлиб ўтади.