Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан шакллантирилган мониторинг гуруҳи 21 октябрь куни суд қарори билан Хоразм вилоятидаги руҳий касалликлар диспансерида 26 сентябрдан буён мажбурий даволанишда бўлиб турган Нафосат Оллашукурова билан кўришиш учун борди.

Омбудсман сайтида ёзилишича, гуруҳга Омбудсман вакилларидан ташқари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти етакчиси Абдураҳмон Ташанов ва «Нажот» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилот раҳбари Хайитбой Ёқубов, шунингдек, психиатрия соҳасидаги экспертлар киритилган. Учрашувда Нафосат Оллашукурованинг туғишган акаси Тожимурод ҳам иштирок этди.

«Мониторинг гуруҳи Н. Оллашукурова нисбатан барқарор руҳий ҳолатда эканлиги ва мулоқотни давом эттиришга қодир эканига аниқ ишонч ҳосил қилди. Суҳбат давомида у тиббиёт муассасаси ходимларининг ижобий муносабати ва унга ҳеч қандай руҳий ёки жисмоний таъсир кўрсатилмаганини таъкидлади. Н. Оллашукурова унинг маъмурий жавобгарликка тортилишига асос бўлган хатти-ҳаракатларидан афсусда эканини билдирди», — дейилади омбудсман идораси баёнотида.

Тиббиёт ходимлари томонидан Нафосат Оллашукурованинг касаллик тарихи ўрганилганида, «ташҳис руҳий ҳолат бузилиши ташҳисларини Халқаро касалликлар ва саломатлик билан боғлиқ бўлган муаммолар таснифи мезонларига мос келиши ҳамда даволаниш клиник аломатларга мувофиқ тайинланганини» кўрсатди.

Мутахассислар «беморнинг аҳволи сезиларли яхшиланганини» таъкидладилар, аммо «депрессия аломатлари мавжудлиги ва белгиланган даволаниш курсини давом эттириш зарурлигини» таъкидладилар. Диспансерда шифокорлар кўрсатмаларида одамнинг ақлий фаолиятини сусайтирадиган кучли таъсир кўрсатувчи дорилар йўқ эди, дейилади хабарда.

Нафосат Оллашукурова ота-онаси билан телефон орқали суҳбатлашди ва «уларга ўзини қандай ҳис этаётгани, сақлаш шароитларининг қулайлиги ва тиббиёт ходимларининг унга нисбатан ҳурматли муносабати тўғрисида маълумот берди».

Шу билан бирга, суҳбат чоғида у «ўзининг моддий етишмовчилиги даражасидан ташвиш билдириб, даволанишни тугатгандан сўнг иш топиш истагини билдирди», дейилади хабарда.

Блогер Нафосат Оллашукурова (Facebook`да — Shabnam Olloshkurova) 23 сентябрь куни ўз қариндошлари билан Тошкентга пиёда йўлга чиққан журналист Маҳмуд Ражаб билан биргаликда 10 кун муддатга маъмурий қамоққа ҳукм қилинган эди. ва суд қарори билан руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирилди.

26 сентябрда Нафосат Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида руҳиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилган. Психиатрнинг тавсияси билан у Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган.

Маҳмуд Ражабов 10 кун ҳибсда бўлганидан кейин қўйиб юборилган. 18 октябрь куни суд уни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатишда ва контрабанда билан шуғулланганликда айбдор деб топди ҳамда уни 2,5 йил синов муддати билан 5,5 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.