Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Эркин Зоҳидов таъмагирлик йўли билан пора олаётганда ушланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Тезкор тадбир давомида Эркин Зоҳидов 5000 доллар миқдорида пора олаётганда ушланди. Хабар қилинишича. У ўзбошимчалик билан қурилган кўчмас мулкка ҳуқуқни тан олиш тўғрисидаги ҳоким қарорини чиқаришда ёрдамлашишга ваъда берган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 11 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Эркин Зоҳидовга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (таъмагирлик йўли билан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эркин Зоҳидов (1971 й. т.) — 1994 йилда Тошкент архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. Labzak Stroy Plus компанияси директори молия масалалари бўйича маслаҳатчиси (2010−2016), Makon Kapital Invest (2016−2019) молиявий маслаҳатчиси вазифалари ишлаган. 2019 йилдан Юнусобод туман ҳокими ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.