Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Янгийўл тумани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосарига тегишли экани айтилаётган аудиоёзувда такси хизматларини кўрсатувчи ҳайдовчиларга нисбатан ҳақоратли сўзлар қўлланилган.

Ёзув «Водители Янгиюля» Telegram-гуруҳида пайдо бўлди. Гуруҳ аъзолари 23 октябрь куни ўзини ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Усмон деб таништирган эркакка нисбатан қонуний чоралар кўрилишини сўраб туман прокуратурасига мурожаат йўллади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га хабар қилишича, терговга қадар текширув вақтида гап туман ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Усмон Замонов ҳақида кетаётгани аниқланди. Унинг ўзи аудиоёзувга изоҳ берар экан, овоз уники эмаслигини ва ёзувни гуруҳга у жойлаштирмаганини маълум қилди.

Аудиоёзув жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганини ҳисобга олган ҳолда вазиятга ойдинлик киритиш учун Тошкент вилояти ИИББ ва туман ЙҲХБ Усмон Замоновга нисбатан хизмат текшируви тайинлади. Янгийўл прокуратураси ҳозирда терговга қадар текширув олиб бормоқда.