Янги муҳташам «Конгресс-холл» саройида 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

«Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин», — деди президент.

Президент ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, «Давлат тили ҳақида"ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.

Давлат раҳбари 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилди. Унга биноан 21 октябрь санаси Ўзбекистонда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди.

«Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак».

Тантанали тадбирда депутат ва сенаторлар, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, тилшунос олимлар ва педагоглар, ёшлар иштирок этди.