Икки ярим йил ичида Ўзбекистон бюджет ташкилотлари ходимларига ноқонуний равишда 3,1 млрд сўмлик ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақалари тўлангани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги «Ҳуқуқ» газетаси хабар қилди.

2017−2018 йиллар ва 2019 йилнинг биринчи ярмида 529,5 млрд сўмлик ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақалари тўланган.

Ўзбекистон президентининг 2016 йил 27 декабрдаги қарорига (ПҚ-2699) мувофиқ, 12 ойгача ишлаган ходимга ўртача иш ҳақининг 75 фоизи, кўпроқ ишлаган ходимга эса 100 фоизи миқдорида нафақа тўланиши лозим. Бироқ ушбу талаб бузилган ва етарлича иш тажрибасига эга бўлмаган ходимларга асоссиз равишда 345 млн сўм тўланган.

Бундан ташқари, нафақани ҳисоблашда ходим маоши миқдорини асоссиз ошириб кўрсатиш ёки ноқонуний йўллар билан тўлов ҳужжатларига тўланиши лозим бўлган суммага нисбатан кўпроқ пул ёзиш орқали республика бўйича 696,3 млн сўм талон-торож қилинган.

820,4 млн сўмдан зиёд пул маблағлари эса бюджет муассасаларида ишламайдиган, пенсияга чиқиб кетган, ҳомиладор бўлмаган ва ҳомиладорлик таътилига чиқмаган шахслар номига сохта маълумотлар асосида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ёзиш, айнан бир ходимга бир неча марта пул ҳисоблаш билан ўзлаштирилган.

Газетанинг қайд этишича, ҳатто эркак кишиларга ҳам сохта маълумотлар асосида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ёзилган. Хусусан, Жиззах вилояти тери-таносил касалликлари диспансери иқтисодчисига 2,1 миллион сўм ва Жиззах шаҳридаги 20-мактаб қоровулига 900 минг сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланган.

Хабар қилинишича, бюджет маблағларининг тўғри сарфланишини таъминлашга масъул шахслар талон-торожга шерик бўлган. Хусусан, Сирдарё вилояти молия бошқармаси етакчи иқтисодчиси О.А. коллежларнинг бош ҳисобчилари билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар асосида 358 миллион сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ўзлаштирган.

Ўрганишларда жами 1 275 та бюджет муассасасида ушбу мақсад учун ажратилган 3,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ноқонуний сарфланган. Бу маблағларнинг катта қисми Жиззах вилояти (1,5 млрд сўм), Сирдарё (499 млн сўм), Самарқанда (266 млн сўм), Қашқадарё (207 млн сўм), Фарғона (162 млн сўм) ва Сурхондарё (162 млн сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Қонунбузарликлар учун 61 киши интизомий, 141 киши маъмурий, 2 киши эса жиноий жавобгарликка тортилди. 50 киши номига тақдимнома киритилган бўлса, 14 та ноқонуний ҳужжат бекор қилинди.

1,1 млрд сўмлик зарар ихтиёрий равишда қопланди, 30 фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.