2019 йил 16 октябрь куни соат тахминан 17:00ларда Тошкентдаги «Универсал» спорт саройида бўлиб ўтаётган каратэ бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақасида низоли ҳолат келиб чиққан, дея хабар қилди Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Видео

Унда мусобақа ҳаками Азизбек Бўриев, Тошкент вилояти «Чемпион» каратэ спорт клуби тренери Дилшод Юсупов ҳамда Сурхондарё вилояти каратэ миллий федерацияси тренери Абдулазиз Исматуллаев ўртасида мусобақа якуний натижаси юзасидан ўзаро тортишув келиб чиққан. Мазкур келишмовчилик оқибатида бирор бир шахс тан жароҳати олмаган, дея қайд этди Спорт вазирлиги.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раёсати юқоридаги спорт мутахассисларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади. Текширув якуни юзасидан Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси ҳаками Азизбек Бўриевни икки йилга ҳакамлик иш фаолиятидан четлаштириш, Сурхондарё вилоят каратэ миллий федерацияси тренери Абдулазиз Исматуллаевни уч йилга ва Тошкент вилояти «Чемпион» каратэ спорт клуби тренери Дилшод Юсуповни икки йилга тренерлик фаолиятидан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди. Мусобақа бош ҳаками Қосимжон Қорабоевга эса ҳайфсан эълон қилинди.

Ўз навбатида мазкур ҳолат иштирокчиси, каратэ бўйича Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси катта тренери ҳамда олий тоифали тренер Азизбек Бўриев маънавий-ахлоқий ва бошқа нормаларни бузгани сабабли миллий терма жамоа таркибидан чиқарилди.

Аввалроқ каратэ бўйича Ўзбекистон миллий термасига эронлик Шахаб Султоний бош мураббий этиб тайинланган эди.