«Қорақалпоқ Дон маҳсулотлари» АЖнинг мансабдор шахслари 6134 қоп ун маҳсулотларини 87,5 минг сўм ўрнига 110 мингдан сотгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлишича, 2018 йил сентябрдан жорий йил июнь ойига қадар «Х» оилавий корхонасига 110 минг сўмдан ҳисобланиб, жами 674,7 млн сўмга сотилган. Ушбу ноқонуний фаолият натижасида мансабдор шахслар 138 млн сўм пул маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сонли қарорига кўра, бир килограмм уннинг чакана нархи 1750 сўм, 50 кг лик бир қоп ун эса 87500 сўм этиб белгиланган. Аввалроқ ишчи гуруҳлари томонидан ўтказилган ўрганишларда ун маҳсулотларини деярли ҳеч ким давлат томонидан белгиланган нархларда сотмаётгани аниқланди. Хусусан, давлат нархида 87,5 минг сўмдан сотиб олиб олинган 50 кг лик ун қопини бозорларда 110−150 минг сўмдан, яъни бир килограмини 2200 сўмдан 3000 сўмгача нархда сотилган. Нон ҳам 1100 сўмдан сотилиши керак бўлган ҳолда 1300 сўм ва ундан юқори нархдан сотилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан «Қорақалпоқ Дон маҳсулотлари» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.