Уфада вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси бўлган қизни зўрлаганликда гумон қилинаётган тожикистонликка нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Республиканинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси мазкур масалани назорат остига олди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

«Вести-Башкортостан» томонидан эълон қилинган видеолавҳада 15 ёшли қиз икки йил давомида Тожикистондан бўлган, Уфада қонуний истиқомат қилувчи 44 ёшли Комилжон Тўрабоев томонидан зўравонликка дуч келганини маълум қилади. Яқиндагина жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят ёзишга қарор қилади. Натижада қиз ижтимоий бошпанага, онаси эса чет элликларни вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилди.

«У мени 2017 йилда маст ҳолда зўрлади. Ўшанда 12 ёшда, у эса 43 ёшда эди. Бу икки йил давом этди. Мен ҳеч кимга ҳеч нарса айта олмадим, чунки у мени қўрқитди. Онамнинг ҳужжатларида муаммолар бор эди. У онамга сохта ҳужжатлар тайёрлаб берган экан. Онамни депортация қилишади, опамни эса мактабдан ҳайдаб юборишади, деб қўрқдим. Мен кичкина эдим ва ҳеч нарсани тушунмасдим. Мен қўрқдим ва оилам учун сабр қилдим», — дейилади ёзувда.

Қиз онаси ва опасига содир бўлган ҳодиса ҳақида сўзлаб беради. Сўнгра улар прокуратурага ариза ёзишади, жабрланувчининг сўзларига кўра, уларни Киров ИИББга юборишади.

«Биз ёрдам сўраб, уни қамоққа олишларини сўраб келдик, бироқ улар бунинг ўрнига онамни олиб қолишди, бизни эса етимхонага жойлаштиришди. Биз онамдан ажралишни хоҳламадик, бироқ бизни алдашди ва бу фақат бир кунга эканини айтишди. Бироқ 20 кун ўтиб бўлди, бизга онам билан кўришишга рухсат беришмаяпти, ишда ҳеч қандай ўсиш йўқ. Менинг ишимни яна 3 ойга узайтиришди. Кимга мурожаат қилишни билмаман. Бизга ёрдам керак», — деди қиз.

Ўтган сешанба куни Ўзбекистоннинг бош консули Фариддин Насриев жабрланувчининг онаси бўлган марказга борди, у ва унинг адвокати билан суҳбатлашиб, маҳаллий тергов органларига расман мурожаат қилди. Комилжон Тўрабоевга нисбатан уни қамоққа олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Бошқирдинстон ИИВ жабрланувчининг онасига нисбтан суд қарори қабул қилинган, у миграцион қонунчиликни бузгани учун Россия ҳудудидни тарк этиши лозимлигини маълум қилди. Унинг 2020 йил июлига қадар Россия ҳудудига кириши тақиқланган.