Ўзбекистон ички ишлар вазири матбуот котиби Шохҳур Ғиёсов Тошкентда прописка тартибларининг соддалаштирилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти самарадорлигини ошириши мумкинлигини маълум қилди.

Пайшанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳуқуқшунос ва блогер Хуршудбек Худойбердиев ички ишлар органлари пойтахтда доимий прописка бекор қилинган тақдирда хавфсизликни таъминлай оладими, деган саволни берди.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» Демократик партияси аъзоси Акмалжон Умирзоқов йирик шаҳарларда фуқароларни рўйхатга олиш қаттиқ назорат қилинмаса, жиноятчилик даражаси ортиб кетиши мумкинлигини маълум қилган эди.

«Биз учун қанчалик содда бўлса шунча яхши. Чунки прописка тизими соддалашса, у ҳолда биз ҳозирда биз назардан четда қолдираётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида биламиз. Фуқаро шуни тушуниши керак: бу — тўғри, бу эса — йўқ. Ходим ҳам буни тушуниши керак. Соддалаштириш — енгиллаштиради», — деди ИИВ ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи.

«Биз (ИИВ — таҳр.) — ижро органимиз, шунинг учун биз қонунни ижро этишимиз керак», — деди у.

«Пропискани соддалаштириш — улкан профилактик иш ҳамдир, — дея аниқлик киритди Шохруҳ Ғиёсов «Газета.uz»га. — Мураккаблаштирилган прописка тартиблари нимага олиб келади? Ноқонуний ишчи кучлари, мажбурий меҳнатга тушиб қолиш хавфи, жиноятларни содир этиш хавфи, даромадларнинг қисқариши ва бошқаларга».